Ҳаво ҳароратининг пасайиб бориши натижасида аҳоли хонадонларида ёз мавсумида ишламай турган иситиш жиҳозлари ишга туширилади.
Дудбуронни текшириш қуйидагича амалга оширилади:
1. Дудбурон яроқлилигини ускунани ишга туширмасдан олдин ип, енгил қоғоз (салфетка) бўлагини ускуна ёндиргичи остидаги ва алангани кўриш тирқишларига олиб борилади. Агар ҳаво оқими ичкарига ип ёки қоғозни тортса, дудбурон тортиши қониқарли ҳолатда бўлади. Аксинча бўлса, дудбурон тортиши қониқарсиз ҳисобланиб, ускунани ишга тушириш қатъиян тақиқланади ва дарҳол мутахассисга мурожаат қилиш талаб этилади.
2. Агар ускуна ишга туширилган бўлса, гугурт алангасини ускунанинг ёндиргичи остидаги ва алангани кўриш тирқишларига олиб борилади. Агар аланга ичкарига қараб тортилса, дудбурон тортиши қониқарли бўлади. Аксинча аланга ташқари томонга ҳаракат қилса, дудбуронда носозлик ёки ҳаво ўтказмайдиган қандайдир тўсиқ мавжуд. Бу ҳолатда дарҳол газ ускунасини жумракдан ўчириш ва 104 телефон рақами орқали боғланиб, мутахассис чақириш керак. Мутахассис томонидан носозлик бартараф этилиб, дудбурон тортиши қониқарли ҳолатга келтирилмасдан олдин газ ускунасини ишга тушириш қатъиян тақиқланади.
Ис гази (ёниш жараёни хосиласи) - инсон ҳаётига жиддий таҳдиддир. Газ истеъмолчилари томонидан “зангори ёқилғи”дан фойдаланиш қоидаларига амал қилиниши, иситиш мавсумини бехатар ва беталофат ўтказишни таъминлайди.
“Hududgaz Farg’ona” газ таъминоти филиали матбуот хизмати