Сайт работает в тестовом режиме
Home/Янгиликлар/Коррупция сўссиз тараққиёт кушандаси

Коррупция сўссиз тараққиёт кушандаси

0
Коррупция сўссиз тараққиёт кушандаси

 

         Коррупция сўссиз тараққиёт кушандаси, унинг илдизига болта урувчи иллат ҳисобланади. Шу боис, дунё ҳамжамияти, хусусан, мамлакатимиздаги ҳар бир соҳада коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Биргина газ таъминоти соҳасини коррупциядан холи тизимга айлантириш борасида салмоқли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, “Hududgazta’minot” акциядорлик жамияти ташкил этилган кундан бошлаб тизимда коррупциянинг олдини олишга қаратилган изчил чоралар кўрилмоқда.
       Шу ўринда айтиш керак, илгари истеъмолчиларнинг газ ҳисоблагичларидаги кўрсаткичларни йиғиш ҳамда тизимга киритиш билан инспектор лавозимидаги ходимлар шуғулланган. Аммо, минг афсуски, кўплаб “назоратчи”ларнинг ўз лавозим ваколатини суистеъмол қилиши, уларнинг йўл қўйган ноқонуний хатти-ҳаракатлари истеъмолчиларда соҳага ва соҳада виждонан ишлаб келган ходимлар шаънига нисбатан салбий фикрлар шаклланишига сабаб бўлди. Тизимда шаффофликни таъминлаш мақсадида эса, “Hududgazta’minot” АЖ томонидан табиий газни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган бошқарув тизими лойиҳаси жорий этилиб, ушбу лойиҳа доирасида истеъмолчилар хонадонларига табиий газ ҳисоби назоратини мустақил олиб бориш имкониятига эга “ақлли” ҳисобдонлар ўрнатиш ишлари йўлга қўйилди. 
       Шу билан бирга, ҳар қандай коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда профилактик тадбирларни олиб бориш мақсадида Жамият тизимидаги барча газ таъминоти филиалларида Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бўлимлари жорий қилиниб, улар малакали мутахассислар билан таъминланди.
    Тизимда коррупция иллатига қарши янада кескин ва муросасиз курашиш доирасида “Hududgazta’minot” АЖнинг ягона “Коррупцияга қарши курашиш сиёсати” тасдиқланди. Шунга асосан, Жамиятни коррупциядан холи соҳага айлантириш, унинг ҳар қандай кўринишига барҳам бериш ҳамда коррупцион хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида олиб борилган кузатишлар, мурожаатлар таҳлили ва мавжуд маълумотларга таянган ҳолда тизимда фаолият юритаётган ходимлар орасида ушбу иллатга мойиллик эҳтимоли бўлганларининг бирламчи рўйхати шакллантирилди.
Унга кўра, 2022 йил 1 март ҳолатига умумий рўйхатда бўлган 17 026 нафар ходимдан коррупцияга мойиллиги юқори бўлган 80 нафари (0,5 фоиз) қизил рўйхатга ҳамда мойиллиги паст бўлган 463 нафари (2,7 фоиз )сариқ рўйхатга киритилди. Моддий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва коррупцияга қарши сиёсатни амалга ошириш бўлимлари томонидан олиб борилган профилактик тушунтириш ишлари ҳамда дастлабки огоҳлантиришлар натижасида қизил рўйхатда бўлганлардан 16 нафар ҳамда сариқ рўйхатда бўлганлардан 21 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди. Профилактик тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўтказилиб, улардан ўзига етарли хулоса чиқарган сариқ рўйхатдаги 11 нафар ходим яшил рўйхатга ўтказилди.
    Тизимда шаффофликни тўлиқ таъминлаш мақсадида ходимлар орасида турли ижтимоий сўровномалар ўтказилиб, натижалар таҳлил қилинмоқда. Коррупцион ҳолатларга сабаб бўладиган шарт-шароитлар ўрганилиб, ходимларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш чоралари кўрилмоқда. Пировардида эса булар ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Масалан, жорий йилнинг 1 август ҳолатига умумий рўйхатда бўлган 16 849 нафар ходимдан коррупцияга мойиллиги юқори бўлган 64 нафари (0,4%) қизил рўйхатга, мойиллиги паст бўлган 415 нафари (2,5%) сариқ рўйхатга ҳамда коррупцияга мойиллиги кузатилмаган 16 370 нафар (97,1%) ходим яшил рўйхатга киритилди.
       Эътироф этиш жоиз, соҳага илғор тажриба ва замонавий автоматлаштирилган технологияларнинг кенг жорий этилиши натижасида айрим тоифа лавозимларнинг иш ҳажми қисқариб, таъминотчи ва истеъмолчи ўртасидаги муносабатларда “инсон омили” кескин пасайди. Натижада эҳтимоли юқори бўлган коррупция хавфи сезиларли даражада кучсизлантирилди.
Бундан ташқари, ҳозирда ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши бошқарув тизимининг халқаро стандартини “Hududgazta’minot” АЖда жорий этиш бўйича юқори рейтингларни эгаллаган консултантларни жалб қилган ҳолда тизимда аудит ўрганишлари олиб борилмоқда. Яъни, “Hududgazta’minot” АЖ томонидан тегишли органлар, жумладан ҳуқуқ-тартибот органлари билан ҳамкорликда тизимни коррупциядан холи соҳага айлантириш мақсадида бу иллатга қарши муросасиз курашиш бўйича изчил ишлар давом эттирилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар эса, нафақат газ таъминоти тизими, балки бутун жамият ривожи ҳамда тараққиёти учун ҳам хизмат қилиши, шубҳасиз.
 
15
лет на рынке
"Hududgaz Farg'ona" GTF
yo'nalish haritasi
Filial ishonch telefon raqami:
Ish vaqti:  soat 9:00-18:00
Tushlik:13:00-14:00
Dam olish kuni: Shanba va Yakshanba
Bizning Manzil:
Farg'ona viloyat, Farg'ona shahar  B.Marg'iloniy ko'chasi 76 uy.