Қарор ижроси юзасидан «Ҳудудгаз Пойтахт» газ таъминоти филиали томонидан ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида жами 8 186, 417 километр газ тармоқлари мавжуд бўлиб, шундан, юқори босимли 2 20,119 км, ўрта босим 1 317,804 километр, паст босим 6 648,494 километрни ташкил қилади. «Кадастр ва геоинформация тизимини жорий этиш бўлими» томонидан филиал тасарруфидаги 6 000 километрга яқин газ тармоқларининг жойлашуви бўйича электрон топохарита ва электрон маълумотлар базаси яратилди. Ҳозирда бу бўйича ишлар давом этмоқда. «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг «Кадастр ва геоинформация тизимини жорий этиш бўлими» бошлиғи М.Мансуров ва бош мутахассиси М.Мирзалиев, филиал директори Т.Грабович раислигида филиалнинг барча туман бўлимларининг раҳбарлари ҳамда бош муҳандислар иштирокида «Етказиб бериш қувурларининг давлат кадастри»ни юритиш, газ тармоқларининг электрон харитасидан фойдаланиш, унинг афзалликлари, фойдаланиш имкониятлари ва келгуси режалар бўйича интерактив тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимотда жорий этилаётган дастур тасарруфидаги газ тармоқларини «онлайн» тизимда назорат қилиш, жойлашган ўрни бўйича аниқ манзилли ҳисобини юритиш, ҳар бир қарич газ тармоқлари ва уларда ўрнатилган ускуналар бўйича масъул ходимларни бириктириш, газ тармоқлари орқали етказиб берилаётган газнинг босимини назорат қилиш имкониятлари ва шу каби бошқа қулайликлар ҳақида таъкидлаб ўтилди. Бир сўз билан айтганда газ таъминотидаги мазкур жараёнлар иш самарадорлигини ошириб, ҳар томонлама қулайликлар эшигини очиши табиийдир. Манба: xs.uz |