Сайт работает в тестовом режиме
Home/Янгиликлар/Энергетика Вазирлиги МУРУЖААТИ

Энергетика Вазирлиги МУРУЖААТИ

0
Энергетика Вазирлиги  МУРУЖААТИ

   

        Энергетика вазирлигининг совуқ кунларда газ ва электроэнергияга бўлган талабнинг ошиши, уларни етказиб беришда юзага келаётган муаммолар ҳамда бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан мурожаати:
       Республикамизда совуқ ҳароратининг кескин тушиб кетиши натижасида электр энергия ва табиий газга бўлган талаб ошгани барчага маълум.
      Ушбу талабни қондириш учун табиий газ ва электр энергияси импорти ҳажмини тезкор кўрилган чоралар ва келишувлар асосида максимум даражага ошириш ҳисобига кунлик табиий газ истеъмолининг 10 фоизи ҳамда электр энергиясининг 8 фоизи айнан қўшимча импорт ёрдамида таъминланиб келмоқда.
      Гарчи, бугунги кундаги максимум талабни қондириш учун газ қувурлари ва магистрал электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти етарли бўлса-да, ресурслар етарли эмаслиги ҳисобига истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлашда муаммолар кузатилмоқда.
      Хусусан, аномал совуқ туфайли 12 январда қўшни мамлакатнинг табиий газ қазиб чиқариш конларида юзага келган авариявий ҳолат табиий газ импортининг тўлиқ тўхташига ва боз устига электр энергияси импортининг 20 фоизга қисқаришига сабаб бўлди.
     Энергия ресурслари тақчиллиги кузатилаётган пайтда ушбу ресурсларни биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш учун электр энергияси экспорти тўхтатилди.
      Бундан ташқари, йирик саноат корхоналарига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳажми ўртача 70–80 фоизга қисқартирилди.
     Шу кўрилган чораларга қарамасдан республиканинг электр энергияси истеъмоли энг баланд кўрсаткичга, яъни 250 млн кВт.соатга чиқди. Шунингдек, табиий газга бўлган кунлик талаб қазиб чиқаришга нисбатан юқорилигича сақланиб қолмоқда.
     Маълумот учун: 2022 йил 31 декабрь куни чеклов киритилмаган ва кунлик электр энергияси истеъмоли 220 млн кВт.соатни ташкил этган.
     Биргина Тошкент шаҳрида 13 январь куни электр энергияси истеъмоли 32 млн кВт.соатдан ортиб, турли сабабларга (авариявий ҳолатлар ва чекловлар) кўра 1 млн кВт.соат электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилмади.
    Табиий газни аҳолига йўналтириш учун иссиқлик электр станцияларида табиий газ ёқиш ҳажми камайтирилиб, захирадаги мазут ёқилғиси режага нисбатан 3 баробарга кўп ёқилмоқда.
    Ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан жорий куз-қиш мавсумида Чорвоқ сув омборида сув сатҳининг юқорилиги сабабли гидроэлектр станциялар томонидан режага нисбатан 170 фоиз электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда.
     Табиий газ танқислиги кузатилаётган шу кунларда истеъмолчилар хонадонларни иситиш учун электр қурилмаларидан кенг фойдаланмоқдалар. Натижада, биргина Тошкент шаҳрида бугунги кун давомида тармоқларда юкламаларнинг ортиши ҳисобига 1000 дан ортиқ носозликлар юзага келди.
     Носозликларни бартараф этиш ишларни жадаллаштириш мақсадида республика бўйлаб барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан қўшимча бригадалар Тошкентга жалб қилинди.
    Ҳурматли ватандошлар, албатта биз ушбу вазиятни ўнглаш, носозликларни бартараф этиш учун барча зарурий чораларни кўрмоқдамиз.
     Мана шундай оғир пайтда барчамиз бирлашиб ҳаракат қилсак бу муаммоларни енгамиз. Бунда энергия ресурсларидан оқилона ва имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланиш энг муҳим омил ҳисобланади. Бунинг учун имкон қадар:
- хонадонларда биттадан ортиқ электрда ишлайдиган иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик;
- корхоналар ва ташкилотлар ходимларини вақтинча онлайн иш режимига ўтказиш;
- ортиқча кўча чироқларини, реклама экранлари ва иллюминациялар, шу жумладан қурилиши тугалланмаган бинолардаги чироқларни ўчириш;
- энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланаётган истеъмолчиларга чора кўриш лозим.
     Бунинг натижасида мазкур тежалган энергия ресурсларини аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтиришга эришилади.
      Ҳурматли истеъмолчилар, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, 1154, 1104, 105 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз.
    Мисол учун, ўтказилган ўрганишлар натижасида истеъмолчилар томонидан жорий куз-қиш даврида табиий газдан 334 млрд сўмлик
3 мингта, электр энергиясидан 135 млрд сўмлик 2 минг 300 та ҳолатда ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган.
    Ҳурматли ватандошлар, барчамиз бирлашиб, энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдалансак, албатта ушбу муаммоларни енгишга эришамиз. 
 
Манба: Энергетика вазирлиги телеграм канали
15
лет на рынке
"Hududgaz Farg'ona" GTF
yo'nalish haritasi
Filial ishonch telefon raqami:
Ish vaqti:  soat 9:00-18:00
Tushlik:13:00-14:00
Dam olish kuni: Shanba va Yakshanba
Bizning Manzil:
Farg'ona viloyat, Farg'ona shahar  B.Marg'iloniy ko'chasi 76 uy.