Дастлаб “Ҳудудгазтаъминот” АЖ бошқарув раиси Баҳодир Эшмуратов “Газ таъминоти тизимидаги рақамли трансформация жараёнларининг самарадорлиги, газ таъминоти бўйича фуқароларнинг ишончи ва розилигига эришиш йўлидаги сай-ҳаракатлар” юзасидан ахборот берди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда истеъмолчиларни барқарор табиий газ билан таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган даврда 837,2 км янги газ тармоқлари қурилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, мавжуд газ тармоқларининг 439,5 км қисми мукаммал таъмирланган ҳолда, реконструкция қилинган.
Аҳолига суюлтирилган газни узлуксиз етказиб бериш учун ўтган йилларда 9 та газ тўлдириш иншооти, 12 та маиший газ баллонларини таъмирлаш ва синовдан ўтказиш марказлари фойдаланишга топширилди. Моддий-техник базасини модернизация қилиш ҳисобига кунлик сақлаш қуввати 150 тоннага ва ойлик тарқатиш қуввати 7,4 минг тоннага оширилган.
Шунингдек, технологик йўқотишлар меъёри қайта кўриб чиқилиши натижасида 426 минг аҳоли хонадонларига қўшимча суюлтирилган газ етказиб бериш имконияти яратилиб, истеъмолчиларга қўшимча 400 мингга яқин маиший газ баллонлар етказиб берилган.
Эътиборли томони, суюлтирилган газ таъминоти сарф-харажатларини камайтириш, етказиб бериш муддатларини қисқартириш учун суюлтирилган газни ишлаб чиқарувчи корхоналардан темир йўл орқали вагон-цистерналарда ташиш тизими йўлга қўйилган.
Шу куни “Ҳудудгазтаъминот” АЖда ташкил этилган “Вазиятлар маркази”да реал вақт режимида (онлайн) жорий этилган 2 та йирик лойиҳа тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Унда Марказий осиёдаги ягона “Табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизими” ҳамда истеъмолчиларга суюлтирилган газни етказиб беришда жаҳон амалиётидаги ягона “Е-Gaz” дастурининг самарадорлиги, ютуқлари ва қулайликлари билан танишилди.
Ўз навбатида, “Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини тезкор ҳал этишга ихтисослаштирилган “Call center” фаолияти ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖ фуқаролар қабулхонаси фаолияти билан яқиндан танишилди.
Таъкидлаш жоизки, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш учун хақиқатда яратилган шароитлар, жумладан, фуқаролар мурожаатларини тезкор ҳал этишга ихтисослаштирилган 1104 қисқа рақамли “Call center” фаолияти натижасида фуқароларнинг розилиги ҳамда уларнинг газ таъминоти тизимига бўлган ишончини янада ортишига эришилмоқда.
Тадбирда депутатлар аҳолининг турмуш даражасини янада ошириш учун узлуксиз табиий ва суюлтирилган газ билан кафолатли таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолаган ҳолда, бу борадаги ишларни изчил давом эттириш мақсадга мувофиқлигини билдирди.
Якунда депутатларни қизиқтирган саволларга асослантирилган жавоблар олинган ҳолда, тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.